вписать адрес сайта
               
Сайтнинг махсус талқини
27
mart
2021

«Аёллар дафтари»ни юритиш тартиби

Ҳукумат қарори  билан Хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди. Унга кўра, ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:
– ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар;
– боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
– ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
– уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
– нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жойи мавжуд бўлмаган хотин-қизлар;
– қарамоғида бир ёки ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;
– тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар (ўзи ва биргаликда яшовчи оила аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли дамромад манбаига эга бўлмаганлар);
– ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар;
психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).
“Аёллар дафтари” қуйидаги тартибда юритилади:
Хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ҳар ярим йил биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриб ўрганилади. Хотин-қизларнинг муаммолари анкета-сўровнома орқали аниқланиб, аниқланган муаммолар 3 кундан ошмаган муддатда хотин-қизларнинг шахсий индивидуал анкеталарига киритилади. Шунга кўра, 1 кун муддатда индивидуал анкеталар кўриб чиқилади. Шундан кейин 3 кундан ошмаган муддатда анкета маълумотлари идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади. “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” лойиҳаси 7 кундан ошмаган муддатда Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига киритилади.  Тасдиқланган рўйхатлар 3 кундан ошмаган муддатда Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига киритилиб, шу асосда вақтинчалик тартибда белгиланган хизматлар кўрсатилади.
Шунингдек, Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга БҲМнинг икки бараваридан тўрт бараваригача (446 минг сўмдан 892 минг сўмгача) миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин. Бир марталик ёрдам олган хотин-қизлар “Аёллар дафтари”дан чиқарилмаган ёки бир йил ичида қайта киритилган ҳолларда бир марталик моддий ёрдам бир календарь йили давомида бир маротаба берилади.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кредитлар ажратилади.
“Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (2-сон, 08.01.2021 й.) қабул қилинди.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кредитлар ажратилади.
Қарорга кўра, “Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга БҲМнинг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорда кредитлар ажратилади. Кредитларнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида белгиланади. Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда Халқ банкининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг фамилия, исми, отасининг исми бўйича алфавит тартибида шакллантирилган қатъий навбат асосида ажратилади.
Бундан ташқари, секторлар раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хулосаси асосида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга турар жой ижара компенсацияси тўлаб берилади.
Турар жой ижараси тўғрисидаги шартнома 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатга тузилиб, тўловлар ижарага берувчига тўғридан-тўғри тўланади.
“Аёллар дафтари”га икки ва ундан ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган хотин-қизларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилгач, дафтардан чиқарилади.
Дафтардан чиқарилган хотин-қизлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан 5 кун ичида бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинади.
“Аёлларга ҳуқуқий мадад” номли аёллар учун муҳим бўлган ҳуқуқий масалаларга оид амалий қўлланмадан олинди.скачать dle 12.0